DON VA DUKKALI EKINLAR ILMIY-TADQIQOT INSTITUTI Q-F
Qashqadaryo v, Qarshi shahri, Beshkent yo‘li 3 km.
Ish : 07:00 - 17:00

Ғаллазорда бугун қилинган меҳнат тоғдек хирмонда акс этади

Ғаллазорда бугун қилинган меҳнат тоғдек хирмонда акс этади

       Қашқадарё вилоятининг қарийб 500 минг гектарга яқин суғориладиган ерларида дехқончилик қилинади. Бу майдонларни иқлим шароити, тупроқ тури ва бир йилда атмосферадан тушадиган ёғингарчилик миқдорига қараб алоҳида ҳудудларга бўлиш мумкин.

Биринчи ҳудудга Нишон, Миришкор, Касби, Муборак туманларидаги тақир ва тақирсимон тупроқли ерлар киради. Бу ҳудудда об-ҳаво шароитлари дехқончилик учун жуда ноқулай бўлиб, йиллик ёғин миқдори 150-250 мм. дан ошмайди. Тупроқларида чириндининг ўртача миқдори 0,6-0,7 фоизга тенг. Баҳор фаслининг охири ва ёз ойларида ҳаво ҳарорати 40-45 даражагача кўтарилади, иссиқ гаремсел шамол эсиб туради.

Иккинчи ҳудудга Қамаши,  Ғузор (300-400 мм), Косон, Қарши, Нишон ва Касби туманларининг оч тусли бўз тупроқлари мавжуд ҳудудда йиллик ёғин миқдори 200-300 мм. дан ошмайди. Йиллик самарали ҳаво ҳарорати Қамаши туманида 100-150 даражага паст, тупроқларида чиринди миқдори 0,6-0,8 фоиз бўлади.

Учинчи ҳудуд деб вилоятнинг Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ шунингдек Чироқчи ва Қамаши туманларини белгилаш мумкин. Бу ҳудуднинг юқори қисми типик бўз тупроқдан иборат бўлиб, ҳавонинг суткалик ҳарорати бошқа ҳудудларга нисбатан 2-3 даражага, фойдали ҳароратлар йиғиндиси 200-400 даражагача паст, йиллик ёғингарчилик миқдори эса 350-400 мм. га юқори бўлади. Бу тупроқларда чиринди миқдори ўртача 0,8-1,0 фоизгача бўлади. Вилоятнинг қишлоқ хўжалигини жадал ривожлаштириш учун тупроқ-иқлим шароитига мос навларини жойлаштириш, ўтказиладиган агротехник тадбирларни шароитларни эътиборга олган ҳолда ўтказиш керак.

Маълумки Қашқадарё вилоятида ҳам кузги-қишки мавсумда ёғингарчилик ҳар йилгига караганда кам бўлди. Таҳлилларга кўра, ўткан йил мавсуми билан солиштирадиган бўлсак, 30 декабргача октябр ойида 2018 йил 34.2 мм. ва 2019 йил 1 мм. ёғингарчилик кузатилган бўлса-да,  ноябрь ойида 2018 йил 33.9 мм. ва 2019 йил 22.2 мм., декабр ойида эса  2018 йил 9.6 мм. ва 2019 йил 4.8 мм. ёғингарчилик кузатилди.

Экилган ғалла майдонларининг униб чиқиши ҳам албатта ҳаво ҳароратига боғлиқ. Ноябрь ойидаги ҳаво ҳароратини оладиган бўлсак, 2018 йил 7.3 даража ва 2019 йил 6.5 даража бўлганлиги кузатилди. Ноябрь ойининг 3 декадасида ҳаво ҳарорати паст бўлганлиги кузатилди. Декабрь ойида эса,  2018 йилда 7.3 даража ва 2019 йил 7.6 даража бўлганлиги боис, бугунги кунда ғалла майдонлари тўлиқ ривожланмоқда. Бу йилги куз ойида ёғингарчиликнинг кам бўлиши ҳамда ҳароратнинг декабр ойида илиқ келиши ҳозиргача умуман кузатилмаган қишки қурғоқчиликни келтириб чиқарди.

Вилоятда ғўза қатор ораларига эрта ва мақбул муддатларда экилган майдонларда ғалла яхши ривожланган. Лекин, очиқ майдонларга ёки ғўзапояси тозаланиб, кечки муддатда экилган далалар бу йил вилоятда катта майдонларни ташкил этади. Шунинг учун ғалла бугунги кунда куз-қиш ойларида ҳаво ҳароратининг илиқ ва қуруқ келиши натижасида сентябрь ойида экилган ғалла майдонлари 5-7 тагача, октябрь ойида экилган ғалла майдонлари 3-5 тагача туплаган, ноябр ойининг биринчи ярмида экилган майдонлари 3-4 баргли, ноябр ойининг иккинчи ярмида экилган ғалла майдонлари 1-2 барг ҳолатда ривожланмоқда.

Қашқадарё вилоятида ғаллани суғориш асосан март ойида бошланади. Ўтган 2018 йилда ёғингарчилик етарли бўлганлиги сабабли ғаллани суғоришни биринчи мартдан бошланган эди. Бу йилги шароитда навбатдаги озиқлантириш февраль ойининг иккинчи декадасида суғориш билан бирга амалга оширирилиши мақсадга мувофиқ. Бободеҳқон таъбири билан айтганда, чиллада сув ичган даланинг нами намгарчиликкача етади.

Бу йилги шароитда сувни иқтисод қилишни кўзлаган ҳолда ғалла ривожини яхшилаш чораларини кўриш керак. Бунда маҳаллий ўғит (гўнг) заҳирасини ҳар йилгига нисбатан кўпроқ жамғариш ва суғоришни фақат шарбат усулида олиб бориш керак. Ғаллани бу йил барг орқали озиқлантириш, яъни суспензия сепиш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратиш керак. Суспензиянинг самарадорлиги юқори бўлишини таъминлаш учун 4-5 марта ўтказиш тавсия этилади. Бунинг учун талаб этиладиган биостумляторлар, КАС ва карбомид заҳирасини яратиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш керак.

Чунки, ўтган йилги шароитда қолоқ ва ривожи паст майдонларни яхшилаш учун Косон туманининг Майдаёбу ва Жарқум ҳудудларининг ғалла майдонларига отряд усулида 5-7 марта суспензия берилди ва натижада сув таъминоти оғир бўлишига қарамасдан, режани ортиғи билан бажаришга эришилди.

Маълумки, қиш ойларида куннинг қуёшли қисми қисқа бўлади. Ғўза қатор орасига экилган ғалла майдонлари қуёш нуридан етарлича фойдалана олмайди, натижада ўсимликда фотосинтетик фаоллик пасайиб кетади. Ғалла ривожи учун қуёш нури таъсирида фотосентиз жараёни ҳам ўта муҳим саналади, бунинг учун эса ғалла майдонларини ғўзапоялардан тозалаш лозимлигини ҳамма яхши билсада, ғалла майдонларини ғўзапоядан тозалаш ишларига тўлиқ киришилмаган. Бу эса ғаллада қатор салбий оқибатларга олиб келади. Бунда майдонларига ўғит бериш самарадорлиги камаяди, ғалла тупламасдан ёруғликка интилиб найчалаш фазасига ўтиб кетади ва касаллик ҳамда зараркунандалар кўпаяди.

Гидрометмаркази томонидан берилган маълумотларга кўра, январь ойининг 3 чи декадаси ва февраль ойи ҳаво ҳароратининг илиқ бўлиши кутилмоқда. Бу ғалла ривожи учун яхши албатта, лекин шу билан бирга бегона ўт, касаллик ва зараркунандалар учун ҳам қулай муҳит яратади. Қиш илиқ келган йиллари январь ва февраль ойларида занг касалликларини споралари етилиб ёрилиб кўпайиши кузатилган. Шу боис ўсимликларни ҳимоя қилиш ходимлари ғалла майдонларини назорат қилиб туриши зарур.

Шунинг учун ҳозирда ғалла парваришида кечиктириб бўлмайдиган агротехник тадбирларни бажариш талаб этилади. Жумладан, сув танқислигини олдини олиш ва ғалла парвариши бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш. Қолоқ ва сув таъминоти оғир (муаммоли) ғалла майдонларини контурлар кесимида аниқлаш, масъуллар бириктириш ва агротехник тадбирлар ижросини назоратга олиш, суғориш тармоқларини механизм ва қўл кучида тозалаш, сув иншоотлари ва лоток тармоқларини таъмирлаш, насос агрегатларини таъмирлаш ишларини 20 кун муддатда тўлиқ тугаллаш ва ижросини махсус комиссия томонидан назоратга олиш, ғаллани азотли ўғитлар билан навбатдаги озиқлантириш тадбирларини ташкил қилиш ҳамда ғаллани 4-5 марта суспензия билан озиқлантириш, бунда КАС ҳамда карбомид заҳирасини олдиндан яратиш, ғалла далаларида ривожланган бир йиллик икки паллали бегона ўтлар, ғалладош бегона ўтлар (ёввойи сули) га қарши 3-4 кўпи билан 5-6 барг ҳолатида ҳарорат етарли даражада (5-7 оС) бўлганда гербицидларни сепиш, бегона ўтларга қарши гербицидлар, зараркунанда ҳашаротларга қарши инсектицид ҳамда касалликларга қарши фунгицидлар заҳирасини яратиш, ғалла майдонларининг ҳар бир гектарига 5 тоннадан маҳаллий ўғит жамғариш ва азотли ўғитлар билан озиқлантириш, суғориш, бегона ўт, касаллик ва зараркунандаларга қарши ишлов бериш ҳамда суспензия сепиш тадбирларини комплекс ташкил этиш бўйича жонли график ишлаб чиқиш ва ижросини назоратга олиш, маҳаллий ўғит тупроқ намлигини сақлаш ва ғалла ривожини яхшилашини инобатга олган ҳолда, суғоришни фақат шарбат усулида ташкил этиш ва ҳозирги шароитда тупроқнинг юза қатлами музлаганидан фойдаланиб, зудлик билан ғалла майдонларини ғўзапоядан тозалаш ишларини амалга ошириш лозим.

Юртимизда бошоқли дон экинларини етиштиришда белгиланган агротехник чора-тадбирларни юқоридаги тавсиялар асосида ўз муддатларида сифатли бажарилиши мавжуд ғалла майдонларидан мўл ҳосил олишни таъминлайди.

                                                                                                                                                                    Ойбек  АМАНОВ,
Дон ва дуккакли экинлар илмий- тадқиқот институти Қашқадарё филиали директори, қ.х.ф.д.
                                                                                                                                                                       Диёр ЖЎРАЕВ,
Дон ва дуккакли экинлар илмий тадқиқот институти Қашқадарё филиали катта илмий ходим, қ.х.ф.д.